Главная » O'zbekiston yoshlari : Duo qilaylik ...
(Муҳтарам юртбошимиз қайси даврада, қайси мавзуда фикр билдирмасинлар ҳар доим “Фикр қилинглар”, “Ўзингиз тасаввур қилинг”, “Тафаккур қилинглар”-дея кўп таъкидлаб келадилар.



Бугун юртимиз бўйлаб юртбошимизнинг соғликлари доирасида ҳар хил гап-сўзларни эшитиб ўйлаб қоласан. Эҳтимол бунда ҳам бир ҳикмат бордир? Ўзбек халқининг бир мушт бўлиб, ор-номуси, президенти шаънини қай даражада покиза сақлай олиши учун Яратганнинг синовидир? Келинг ёшлар, мудроқ босмайлик. Ўзлари айтгандек, ҳар тонг покиза бўлиб Аллоҳдан сўрайлик. Юрт шаъни ва Юртбошимиз учун турли ахборот хуружларига қарши тура олайлик. Ҳали эртага Президентимиз икки кафтларини маҳкам қисиб: “Халқим, сен учун жонимни тикканман. Ўзимдан кечганман” деганларида ушбу савол юзимизни қизартирмасин.
“Менчи?”...

Сидней қувонч кўзёшини қайтарган Ҳасанбойни бағрингизга босишингиз, Криштиану Роналдуни қойил қолдирган Шаҳрамни эркалашингиз, қизчали бўлган Фазлиддинга суюнчи беришингиз, жаҳон чемпиони Мишани йиғлатган Шаҳобиддиннинг елкасига қоқиб қўйишингиз, 431 кг тоши билан қўшиб олимпиада рекордчиси Русланнинг белидан маҳкам қучоқлашингиз, қолаверса ўзбек миллий қора тулпори Malibu учун оталарча оқ йўл тилаш ҳурмати тузалишингизни Каримдан сўраймиз.

Таиланд қироллигида 14-20 август кунлари математика бўйича Халқаро мусобақада дунё математикларини лол қолдирган фарзандларингизни пешонасидан ўпиб, “Ҳеч қачон бўш келманг фарзандларим. Замон бизники, давр бизники”-дея руҳлантиришингиз учун, 6 ёшида дунёнинг энг ёш шахмат спорт усталигига даъвогар жажжи Хумоюнни қўлидан ушлаб: “Болам, Рустам аканг қўлидан келганича курашди. Энди, сен Карльсонни мот қиласан.”-дея юксак даъват ҳурмати Раҳмондан сўраймиз.

Ўзбек халқи учун эртакдан реал воқеага айланган “Ангрен-Поп” электр поездида биз ёшларни етаклаб Анжанча чўнтак ошга олиб боришингиз учун тузалишингиз керак. Бухородан Тошкентгача 8 соатлик йўл учун халқимиз эндиликда 3 соатда етганидаги қувонч ҳурмати Қодирдан сўраймиз.

Сибирдан то Питергача мева-сабзавотларини сотиб келаётган оддий ўзбек деҳқонининг хонадонидаги бахт ва фаровонликни кўришингиз, лўппи қўлчаларини чайнаб ўтирган, 1-синф қизимнинг “Президент совғаси”ни олиб, “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли. доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт”-деган эзгу мақсадингиз ҳурмати тузалишингизни Ғанийдан сўраймиз.

Қалтироқ қўлларини дуога очганча: “Подшоимиз омон бўлсин. Халқига рўшнолик, фаровонлик келтиргани учун умри узоқ бўлсин. Хўрлик, зулм каби қора кунлардан асрагани учун дунё тургунча турсин” –дея дуо қилаётган фариштамисол кексалар дуоси ҳурмати Ҳакимдан сўраймиз.

Муқаддас қадамжоларда сокин қўним топган азиз-авлиёлар ҳурмати, Хазрати Имом мақбарасида алоҳида ҳурмат ва эъзозда сақланаётган Ҳазрати Усмон мусҳафи ҳурмати тузалишингизни Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳдан сўраймиз.

Энг муҳими, фарзандларимиз бахту-иқболи, осмонимиз мусаффолиги, бешикда мириқиб ухлаётган чақалоқларимизнинг нурли келажаги йўлида ўзбек халқига озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмасликка ўргатган миллат отасининг покиза ҳурмати сарҳадларимиз ташқарисида увиллаётган чиябўрилар, ён-атрофимизда изғиб юрган ғийбатчилар билан курашишни орқага сурмайлик.

Ишонинг Жаноб президент! Биз ўзбек ёшлари сиз кўрсатган келажак йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз. Ўзбек халқини озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олиб ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмасликка ўргатгансиз. Сизга шуни исботлашимиз учун тузалишингиз шарт. Сизнинг шаънингиз миллатимиз шаъни. Биз бу муқаддас туйғу учун курашамиз.



Жонибек ШУҲРАТОВ, Фурқат ФАЙЗИЕВ

MANBA : SHarh.uz
Просмотров (250)
Mне нравится 0

Всего комментариев: 0
avatar