Главная » To'ydan oldin toptalgan ishonch
(
Шу куни кечаси билан ёмғир тинмади. Дераза панжарасига тақиллаб урилаётган томчиларнинг товушидан уйғониб кетдим. Аслида, кузни ҳам, ёмғирни ҳам жуда яхши кўраман. Сарғайган япроқлар, осмондан дурдек тўкилаётган томчилар ўзгача кайфият бағишлайди менга. Аммо бу гал негадир юрагимга ҳадик оралади. «Вой, тўйим куни ҳам шундай ёмғир ёғса-я...»

Танлаб қўйган оппоқ келинлик либосимнинг узун этакларига лой томчилари сачрашини, қуёш кулиб турмаса, кундуз куни шаҳар айланиб, суратларга туша олмаслигимиз — бахтли онларимизни тиниқ расмларда муҳрлай олмаслигимизни, ҳамма тўйга шоша-пиша келишию қўнишибгина ўтириши, об-ҳаво кайфиятимизга салбий таъсир қилишини ўйлаб, хаёлим минг бир кўчаларга кириб чиқди. Аксига олиб, эрталаб ҳам интиқ кутганим қуёш чиқмади. Нонушта пайти ойим гап бошлаб қолди:

— Малика, қачон ишдан таътил оласан? Тўйингга ҳам кам қолди. Ҳали шунча иш турибди. Куёвга сарпо қилиш керак, қуда холанинг ҳам сени бозорга олиб тушиш нияти бор. Тикувчига топширган кийимларингни кийиб кўриб, тўғирланадиган жойларини айтиб кел.

— Шунинг учун ишдан қолишим шартми, ойи? Ёздан бери тўйга тайёргарлик кўраяпмиз, ҳалиям кўнглингиз тўлмадими? — дедим аразлаган кўйи. Тўй олди ҳамма қизлардек инжиқ бўлиб қолгандим мен ҳам.

— Ия, ёздан бери ўзи ҳамма ишни сен чўзиб юрибсан. Чаққонлигинг қаерга йўқолган, билмайман? Ичинг қизимаганига ҳайронман. Айтганча, энг муҳими, келинлик уйингга парда тикишинг керак, — деб онам янги вазифани елкамга юклади.

— Шуни буюртма қила қолайлик — ялинганнамо қарадим у кишига.

— Вой, қайнонанг «Қўлида дипломи билан ҳунари ҳам бор экан. Маҳалламизга келин бўлган Сарвинознинг пардасини кўрдим. Ростан, мақтаганларидек қўли гул экан қизингизнинг», деганди совчи бўлиб келганида. Энди ўзинг тикмасанг, уят бўлади, — дея таъкидлади.

Ҳақиқатда, бир йил ичида яқин ўртадаги турмушга чиққан қизларнинг пардасини ўзим тикканман. Талабалигимда пойтахтда ўргангандим бу ҳунарни. Бироз қийин иш-у, аммо даромади яхши. Шунинг орқасидан сепимнинг кам-кўстини тўғирладим. Хуллас, ойим бугунинг ўзида иш орасида бозорга тушиб, мато танлашимни тайинлади. Ўзим ҳам шу режа билан уйдан чиқдим. Бугун душанба, анча қўлим бўшроқ бўлади. Тушликни хонамда қилиб, ўша вақти бозорга ўтиб келаман. Бироқ бу ёмғир тинай демасди... Яна аёвсиз ёғарди.

Хонамда овқатланиб ўтирсам, қўнғироқ бўлди. Кимдир мени сўраб келибди. Вақтимни қизғанганимдан хонамга чиқариб юборишларини айтдим. Эшикни очган қиз кўзимга иссиқ кўринди. Биздан тўрт-беш ёшлар кичик, мен билан бир мактабда ўқиган экан. Саломлашди, кирди, ўтирди. Менда нима иши бор экан-а, шошиб турганимда бу ҳам келди-я, деган ўй ўтди хаёлимдан. У эса дабдурустдан гап бошлади:

— Сирожга турмушга чиқаяпсизми?

Саволидан ҳайрон қолдим. Биринчидан, Сирож ундан катта, кейин бу қизнинг нима иши бор экан?

— Ҳа...

— Тўйингизни тўхтатинг. У менга уйланиши шарт ва мажбур. Сизга айтолмаяпти...

У дона-дона қилиб шундай деди. Осмондан ерни тешиб юборгудек бўлиб ёғаётган ёмғир доналаридек сўзлари юрагимни ўйди. Мен эса тутила-тутила зўрға жавоб қайтардим:

— Нима учун? Тушунмадим...

— Демак, ҳалиям сизга айтмапти-да бор гапни. У ёзда...

Тўғриси, унинг кейинги гаплари қулоғимга кирмади. Ёз, ҳа, ўша биз унаштирилган август ойида, тоққа дам олгани чиққанида (аниқ дам олишга кетганди ўша санада, эсимда) Сирож унинг номусини топтапти. Томоғимга нимадир тиқилди, овқат емас, қанақадир аламми, билмадим, нима? Кўзимга ёш қуйилаётган бўлса-да, ўзимни зўрға қўлга олиб, унга қароримни айтдим:

— Тўйни тўхтаман, хавотирланманг. Фақат мени тинч қўйинглар.

У индамай хонадан қандай шахд билан кириб келган бўлса, шундай чиқиб кетди.

Мен эса турли ўйлар қуршовида қолдим.

Сирож билан орамизда бир ёш фарқ бор. У ҳам, мен ҳам пойтахтда ўқиган бўлсак-да, талабалигимизда унчалик қадрдонмасдик. Барча талабалар таътилдан қайтаётган пайт поездда учрашиб қолсак, бир мактабда ўқиганимиз сабабидан салом-алик қилардик. Иккимиз ҳам магистратура бир йилда тугатиб, туманимизга қайтиб, ишга жойлашдик. Кейин иш юзасидан яна учрашиб, бир-икки бор гаплашиб қолдик. Бора-бора ўртамизда қандайдир ришталар пайдо бўлди. Сирож ҳақиқатда яхши йигит эди. Одоби, гап-сўзи жойида, яхши иши, ҳаётда интилиши бор. Ёзда у менга совчи қўйди. Ота-оналаримиз иккимиз ҳам тенгимизни топганимиз учун дарров розилик беришди. Аммо яқинда бувим оламдан ўтгани сабаб тўйни кузга қолдиришди. Сентябрда Сирож бир ойга малака ошириш учун пойтахтга жўнади. Хуллас, октябрнинг охирида тўй қиладиган бўлдик. Айни кунларда тўй мавсуми бўлгани учун олдиндан ресторанни банд ҳам қилиб қўйдик. Энди оналаримизнинг истак-хоҳишларини амалга оширувчи бир-иккита ишлар қолганди, холос...

Уч кунгача ёмғир тинмади. Менинг тақдиримга ачинибми, дунёнинг ишларидан тўйибми, осмон ҳам онамга қўшилиб кўз ёш тўкди. Фақат мен ўзимни ҳеч нарса бўлмагандек тутишга ҳаракат қилардим. Кимлардир бир енгил қизнинг гапига учмаслигим, бахтим учун курашишим кераклигини, Сирождек йигит (!) бошқа ҳаётимда учрамаслиги мумкинлигини (учрамасин ҳам!) уқтирар, унинг опаси эса ҳаммасини аниқлаштирмоқчи, тўғирламоқчилигини (энди вақтни ким ҳам ортга қайтара оларди?) айтиб, олдимга келиб-кетди. Мен эса ўзимни бепарводек тутардим. Ахир қўлимдан нима ҳам келади. Уввос солиб йиғласам, уят бўлмайдими? Мен хато қилмаган бўлсам?! Тўғри, бир йиллик туйғуларим, фотиҳам бўлгани, тўй орзусидаги умидларим завол топди. Аммо бунга ким айбдор? Дейлик, Сирожнинг кечирим сўраши, кимларнингдир маслаҳати туфайли ҳам у билан тақдиримни боғладим. Аммо ишхонамга бориб, менга шартини қўйган қиз (!) эртага уйимга бостириб кириб, ҳаётимни барбод қилмайдими? Бўлмаган ишнинг бошидан бўлмагани яхши деб тўғри айтишган.

Тўйимиз белгиланган куни Сирож ўша қизга уйланди. Эрталаб менга «SMS» жўнатибди: «Мени кечир», деб. Нима ҳам дердим? Энди менинг кечиришим билан ҳеч нимани ўзгартириб бўлмайди. Орзуларимни барбод этган, ишончимни бир марта ўйламай босган қадами билан поймол қилган одамни кечиришни эмас, умуман хаёлларимдан, юрагимдан юлиб чиқариб ташлашни истайман. Яна туриб-туриб, вақтида кўзим очилгани учун шукр қиламан. Агар тақдирим у билан боғлангач, ҳаммаси аён бўлса (барибир ойни этак билан ёпиб бўлмайди), бошимни қайси деворга урардим. Яна энг алам қиладигани, Сирож ёпиғлиқ қозонни ёпиғлигича қолдирмоқчи бўлган... Бунга қандай журъат қилган, ҳайронман?.. Агар ўша қизни (мен уни ҳам оқламайман) ярим йўлда ташлаб кетганида, икки марта номардлик қилган бўларди. Чунки хатосини тўғирлашнинг бошқа имкони йўқ.

Англаганим, инсон ўзи учун тўғри қарор қабул қила олиши керак экан. Гап-сўзлар, аламлардан ҳоли равишда...

Шоира ВАФОЕВА ёзиб олди.

Manba biggrin arakchi.uz
Просмотров (57)
Mне нравится 0

Всего комментариев: 0
avatar